15 декабрдан Қирғизистон Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб беришни бошлади. Бу ҳақдаги шартнома 5 октябрь куни ўша вақтда Қирғизистон Президенти лавозимини эгаллаб турган Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида имзоланган эди.

ЎзАнинг хабар қилишича, декабрдан мартга қадар 550 миллион кВт⋅с электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган. Айни пайтгача 3,7 миллион кВт⋅с етказиб берилган бўлиб, кунлик етказиб бериш ҳажми ортиб бормоқда.

«Электр энергияси Қирғизистон Миллий электр тармоқлари орқали етказиб берилмоқда, - хабар қилди ЎзА „Ўзбекэнерго“ компаниясига таяниб. - Бу Марказий Осиёда сув ва энергетик режимларнинг таъминланиши ва мамлакатларимиз тараққиётига ҳисса қўшади».