Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши Таллимаржон иссиқлик электростанциясида қуввати 850дан 950 гача МВт бўлган қўшимча энергия ишлаб чиқарувчи ускунани ўрнатишга 450 млн доллар ажратилишини тасдиқлади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар қилди.

«Ўзбекистон энергетика сектори ва унинг энергия ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш мамлакат иқтисодиёти ва тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади, — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаментининг энергетика бўйича мутахассиси Сёнг Дак Ким. — ОТБнинг кўмаги Ўзбекистонга мамлакатда ўсиб бораётган энергетик талабни қондириш ва энергетика сектори барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади».

Ҳозирги кунда республика ЯИМда энергетика секторининг улуши 10 фоиз ёки мамлакат умумий экспорт ҳажмининг 25 фоизга яқинини ташкил этади. Бироқ электр энергиясига бўлган талаб мавжуд қувватларга нисбатан ўсиб бормоқда. ОТБ маълумотларига кўра, 2020 йилга бориб у 14600 ГВт/соатга етади.

Таллимаржон ИЭСга янги ускуналарнинг ўрнатилиши унинг умумий қувватини 2600 МВтга ошириш ва иссиқлик самарадорлигини 48 фоиздан 52 фоизга кўтаришга хизмат қилади.