Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ҳамда икки давлат делегацияларининг Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича 20 та ҳужжат имзоланди, дея хабар қилди ЎзА. Давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни ҳам қабул қилди.

«Очиқлик, ўзаро ҳамфикрлик, дўстона ва амалий руҳда ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинган барча масалалар бўйича ёндашув ва қарашларимиз яқин ва ўхшаш эканлиги намоён бўлди», - деди Шавкат Мирзиёев матбуот анжуманида.

У Афғонистон раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини тарихий ҳодиса деб атаб, эндиликда ўзаро ташрифлар кўпроқ бўлишига ишонч билдирди. «Ҳамкорлигимизнинг долзарб мавзулари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши кураш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ташкил этиш тўғрисидаги баённомани имзолади. Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, мазкур комиссия икки давлат раҳбарларига тавсия ва таклифлар тақдим этиш ваколатига эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида Афғонистон консулхонасини очиш тўғрисидаги келишувга эришилганини ҳам маълум қилди.

Музокараларда асосий эътибор транспорт ва энергетика инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилди. «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади. Биз, шунингдек, «Мозори Шариф-Шибирғон-Маймана-Ҳирот» темир йўлини барпо этиш бўйича битимни ҳам имзоладик", — дея маълум қилди Ўзбекистон Президенти.

«Мазкур икки ҳужжат улкан тарихий аҳамиятга эга», - дея таъкидлади у. Мазкур ҳужжатларни ишлаб чиқишни тезлаштириш учун махсус комиссия ташкил этилиб, ўзбек ва афғон томонидан мутасадди шахслар белгиланди.

Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдириб, Шавкат Мирзиёевни Президент лавозимига сайланганига бир йил тўлиши муносабати билан табриклади.

Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик, жумладан Афғонистон билан алоқалар бўйича позициясини қарши олди.

Афғонистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Афғонистонга расмий ташриф билан боришга таклиф қилди.

ЎзА маълумотларига кўра, ташриф доирасида умумий қиймати 500 млн доллардан зиёд миқдордаги 40 дан зиёд экспорт шартномалари имзоланди.