Туркияда туризмни ривожлантириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга Содиқ Бадак Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси этиб тайинланади, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати. У ушбу ойдан ишга киришади.

Туркия Миллий ассамблеясининг собиқ депутати номзоди Анталия провинцияси томонидан Ўзбекистон Президентининг 25−26 октябрь кунлари Туркияга сафари доирасида турк ҳукуматига тавсия қилинган эди.

Маслаҳатчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:

Туркиянинг туризмни ривожлантириш бўйича 30 йиллик тажрибасини ўзбек мутахассисларига етказиш ҳамда ўрта ва узоқ истиқболда (5 ва 10 йил) Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича стратегик режани ишлаб чиқишда кўмаклашиш;

мамлакатнинг туристик салоҳияти юқори вилоятларида инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳалари режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш;

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳамда туризмни жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча рағбатлантирувчи чораларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон учун потенциал хорижий туризм бозорларини ўрганиб, туристик брендларни ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлаш;

чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар учун янги сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ваҳоказо.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги қўмита делегациясининг яқинда Туркияга уюштиргани сафари доирасида қатор Туркия компания ва ташкилотлари билан ҳамкорлик ва Ўзбекистон сайёҳлик секторига сармояларни жалб этиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилган эди.