«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Жамоатчилик фикри кўзгусида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти» мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 18 ёшдан юқори бўлган 1100 киши иштирок этди. Уларнинг 49,2 фоизи аёллар, 50,8 фоизини эркаклар ташкил этди.

Қайси ҳудудда яшаши, ёши, мутахассислиги, ижтимоий ва этник келиб чиқишидан қатъи назар аксарият (81,5 фоиз) сўров иштирокчилари суд тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

Шу билан биргаликда, фуқароларнинг фикрича, суд тизимида яна бир қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан судларнинг улар фаолиятига аралашувлардан тўлиқ мустақиллиги таъминланмаган, судьялар орасида ноқонуний ҳаракатлар, коррупция, одамларга ғамхўрлик қилмаслик ҳолатлари учраб турибди, адолат тамойиллари бузилиб, ишларни кўриб чиқишда сансалорликларга йўл қўйилмоқда.

Аксарият респондентлар судларнинг улар фаолиятига учинчи шахсларнинг аралашувидан мустақиллиги таъминланмаган, деб ҳисоблайди. Айни пайтда мустақил ва холис судьялар корпусини шакллантириш учун янада таъсирли чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланган.

Қайд этиш жоизки, судлар мустақиллиги таъминланмаган, деб ҳисобловчи респондентлар сони ўтган йилларга нисбатан ўсган. Бундай фикрни қўллаб-қувватловчи респондентлар сони айниқса Қорақалпоғистон (22,2 фоиз) ва Сурхондарёда (21,9 фоиз) юқори. Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 14,3 фоиз, Жиззах вилоятида — 11,4 фоиз ва Тошкентда 9,3 фоизни ташкил этган.