10−17 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Буюк Британияда разведка бўлинмалари ўртасидаги «Кембрий патрули» халқаро мусобақасида иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Мусобақада 29 давлатдан 139 та жамоа иштирок этди. Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари илк бор Арманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова ва Филилиппин жамоалари қаторида илк бор иштирок этишди. «Кембрий патрули» мусобақаси 40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.

«Кембрий патрули» энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан таққослаш мумкин, дейилади хабарда. Асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигига қаратилади.

Кембрий тоғлари мураккаб иқлим шароити, ботқоқлик ва бориш қийин ўрмонларга эга. Бу шароитларда иштирокчиларнинг етакчилик сифатлари, дала кўникмалари, тартиб-интизом, шунингдек руҳий ва жисмоний чидамлиги текширувдан ўтади.

Иштирокчилар Кембрий тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз энг ками 25 кг юк билан 65 км масофани босиб ўтишда 1000 м баландликка кўтарилиб, 750 м пастликка тушишди. Ҳарбий сафар вақтида улар махсус вазифаларни бажаришди. Жумладан, тоғли ва сувли тўсиқларни ошиб ўтишди, жойлар разведкасини олиб боришди, шартли душман турган жойни аниқлашди ва уни йўқ қилиш бўйича операцияни амалга оширишди, шунингдек шартли жабрланганга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, гаровга олинганларни озод этишди ва эвакуация қилишди; ҳарбий асирни сўроқ қилиб, пистирма ва пистирмаган қарши ҳаракатларни ишлаб чиқишди.

Танлов якунлари бўйича Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведка гуруҳи фахрий иккинчи ўринни қўлга киритишди.

Биринчи ва учинчи ўринларни Буюк Британиянинг 111 жамоасидан 3 таси қўлга киритди.