Якшанба куни Қирғизистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди. 97 фоиз участкалардаги маълумотлар ҳисоб-китоб қилинганидан сўнг мамлакатнинг собиқ бош вазири Сооронбай Жээнбеков 54 фоиздан зиёдроқ овоз билан етакчилик қилмоқда. Мухолифатдан номзод Омурбек Бабанов 33 фоиз овоз тўплаб иккинчи ўринда бормоқда, дея хабар қилди РИА Новости.

Сайловларда 56 фоиз сайловчи иштирок этди. МСК маълумотларига кўра, 20:00 га қадар 1 миллион 692 минг 423 киши овоз берди. Жами бўлиб 3 миллион 25 мингдан зиёд сайловчи рўйхатга олинган эди. 2011 йилда бўлиб ўтган аввалги президентлик сайловида бу кўрсаткич 58 фоизни ташкил этган.

Сооронбай Жээнбеков аввалги маъмурият йўлида давом этиш ва жамиятдаги мураккаб қоидалар ва ўзаро алоқаларни ўзгартирмасликка ваъда берди.

«Бугун Қирғизистон бутун дунёга бизнинг демократик суверен мамлакат эканимизни намойиш этди», — деди у.

Алмазбек Атамбаевнинг президентлик муддати 1 декабрда якунига етади. Конституцияга мувофиқ, у президентликка номзодини қайтадан қўя олмайди.

Сооронбай Жээнбеков 1958 йили Ўш вилоятида дунёга келган. 1983 йилда қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. 1996 йилда парламентга сайланган ва 11 йилдан зиёд умрини депутатлик фаолиятига бағишлаган. 2007 йилда Курмандек Бакиев бошқаруви даврида қишлоқ, сув хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири лавозимини эгаллаган. Бакиев 2010 йилда давлат тепасидан олинган даврда вақтинчалик инқилобий ҳукумат таркибида Ўш вилояти давлат маъмуриятини бошқарди. 2016 йилда Президент Алмазбек Атамбаев уни ўз девони бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.

2016 йил апрелида Қирғизистон Социал-демократик партияси ташаббуси билан бош вазир этиб сайланди. 2017 йил майида партия сиёсий кенгаши президентликка унинг номзодини илгари сурди ва Сооронбай Жээнбеков ҳукумат раҳбари ваколатини топширди.