Ўзбекистон Президенти 9 октябрь куни фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади. У Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига айлантирилди.

Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолаётгани танқид остига олинди. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган, деб топилди.

Фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратилмаган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган, деб қайд этилади фармонда.

Ҳужжат билан 2018 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади.

Ушбу муддатдан бошлаб ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.

2018−2021 йилларда фермер хўжаликлари босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилади. 2018 йил 1 октябрга қадар барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилади ва уларнинг ягона реестри шакллантирилади.

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари бекор қилинади.

Ҳукуматга чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, йил охирига қадар қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини оширишда, айниқса пахта йиғим-теримини механизациялаштиришда бозор инфратузилмаларини, инновацияларни, фан ютуқлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳада меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим.