6 сентябрь Ўзбекистонда «Кураш» миллий спорт тури куни деб эълон қилинди. Бу Президентнинг 2 октябрдаги «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси бугунги кунда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштирган. 2010 йилда Кураш халқаро ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Жаҳон допингга қарши агентлигининг эътирофига сазовор бўлди. 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида «Кураш» миллий спорт тури тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон курашни халқаро спорт мусобақалари ва турнирлари дастурларига, келгусида эса Олимпия ўйинлари дастурига ҳам киритиш бўйича фаол тадбирларни амалга оширмоқда.

Қарорда курашни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор камчиликлар ҳам санаб ўтилган. Жумладан, Кураш" миллий спорт турини оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар замон талабларига жавоб бермаяпти, мазкур спорт тури бўйича қобилиятли курашчиларни аниқлаш ва саралаш ҳамда уларнинг машқ қилиши, шунингдек, мураббий ва ҳакамларни тайёрлашнинг самарали механизмларини жорий этиш имконини берадиган клуб ва секцияларнинг яхлит тизими шакллантирилмаган, халқаро мусобақалар ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантиришнинг самарали тизими жорий этилмаган, зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасининг етарли эмас, спорт анжомларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилмаган.

Курашни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш режалаштирилган. Нукус ва вилоятлар марказларида кураш марказлари, ҳар бир туман ва шаҳарда эса «замонавий спорт клублари ва секциялари"ни ташкил этиш белгиланган.

Доимий асосда кураш бўйича республика ва халқаро мусобақалар ҳамда турнирлар ўтказилади. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига «кураш» йўналиши бўйича қабул квоталари сони оширилади.

Мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган «яктак» спорт кийимлари ва «кураш гилам"ларини ишлаб чиқариш ташкил этилади.

«Кураш» миллий спорт турини «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритилади. Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида «Кураш» миллий спорт тури маркази" ННТ ташкил этилади.

Бундан ташқари, кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартиблари жорий этилади.