Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилоятининг Ромитан туманида овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати тўғрисида хабар берди. 27 сентябрь соат 10.00 гача туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига жами 166 нафар фуқаро мурожаат қилган, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz"га.

Барча жабрланганлар 25 сентябрь куни туман марказидаги «Диёр» тўйхонасида бўлган ва тухум барак истеъмол қилган. Улар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизликдан шикоят қилган. Уларга «Ўткир диарея, овқатдан заҳарланиш» ташхиси қўйилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, мурожаат қилганларнинг 72 нафарига аҳволи яхшилангани туфайли уйига жавоб берилган. Айни пайтда Ромитон туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида 92 нафар ва 2 нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

«Беморларнинг ҳолати қониқарли, оғир касаллар йўқ, уларнинг барчасига малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», — дея хабар қилди вазирлик.

Эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул мутахассислари, жумладан, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори А.Худаяров, республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов, Эпидемиология — микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори А.Абдушукуров ва бир гуруҳ етакчи мутахассислар Бухоро вилояти Ромитан туманига юборилган.