Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи жараёнида Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда жума куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашувда 2018 йилда нишонланувчи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан форум ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

«Ўзбекистон энди ҳимояланиш позициясида турмайди. Аввал бизни танқид қилишган, биз эса ҳимояланганмиз ва жавоб қайтарганмиз. Энди Ўзбекистон нафақат миллий даражада, балки глобал миқёсидаги ташаббуслар билан чиқади», — деди Акмал Саидов.

У, шунингдек Президент БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистондаги идорасини очиб, Бишкек орқали эмас, балки тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишни таклиф қилганини таъкидлаб ўтди (ИҲБОКнинг минтақавий идораси Бишкекда жойлашган — таҳр.).

Акмал Саидов сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳар қандай масалада очиқ, тенг, конструктив мамлакатга айланганидан далолат беради.