4 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни эълон қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари икки йилда бир марта мажбурий равишда малака оширишлари лозим. Малака ошириш 1 январдан истисно тариқасида юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш бўйича фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган Avtotest Report ўқув мажмуаси сертификати билан тасдиқланиши лозим.

Сертификат намунаси.

Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳар икки йилда мажбурий равишда малака ошириши тўғрисидаги қарор кўп ҳолларда йўл-транспорт ҳодисалари юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари иштирокида содир бўлиши билан изоҳланган.

Ҳукумат қарори ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар, юридик шахслар ҳайдовчилари кўпроқ ЙТҲ содир этаётганини тасдиқловчи статистика билан қизиқиб, қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмаганидан норозилигини билдирган.

Жума куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов «Газета.uz» мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавоб берар экан, мазкур масала ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

«Қизиқарли савол, нима учун биттагина ташкилотга берилди. Бу ерда монополия борку. Шунинг учун, ўйлайманки, масала мутасадди ташкилотлар билан ўрганиб чиқилади. Ҳали кеч эмас, биз (ССП — таҳр.) ҳамкорликда таклиф киритишимиз мумкин», — деди у.

Ислом Жасимов Ўзбекистонда ҳам бутун дунёдаги каби айрим давлат хизматлари босқичма-босқич тадбиркорлик субъектларига юклатилаётганини таъкидлаб ўтди. Бироқ ССП мазкур масалани эксперт кенгаши йиғилишида кўтариб чиқади.

«Биз ўз томонимизда, агарда имконият бўлса, халқаро экспертлар ва тадбиркорларимизни таклиф қилган ҳолда эксперт кенгаши йиғилишида муҳокама қилиб, ўз таклифларимизни ҳукуматга олиб чиқамиз», — деди ССП раисининг биринчи ўринбосари.