«Чиройли» автомобиль рақамларини сотиш бўйича сентябр бошида очилган онлайн-аукционда биринчи рақам — E070EA (Жиззах вилояти, жисмоний шахс) бўлди.

Авторақамларни сотиш бўйича тарихда биринчи шартнома 14 сентябрь куни 15:24 да қайд этилди, деб хабар қилди Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати.

Шартнома қиймати лотнинг бошланғич баҳоси 7488750 сўм бўлган ҳолатда 7563637,5 сўмни ташкил этди. Тасдиқланган талабларга мувофиқ, савдо ғолиби беш кун ичида шартнома бўйича тўловни амалга ошириши ва 10 кун ичида ўз номига расмийлаштириши лозим.

Айни пайтда avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 841 та «чиройли» давлат автомобиль рақамлари савдога қўйилган бўлиб, уларнинг 635 таси жисмоний, 206 таси юридик шахслар учун. Онлайн-аукцион ариза тақдим этилгандан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда якунига етади.

«Чиройли» авторақамларни онлайн-аукционда сотиш тизимини жорий этиш Президентнинг 11 июлдаги қарорида кўзда тутилган эди.