Адлия вазирлиги Шодиев халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини рўйхатдан ўтказди, деб хабар қилди вазирлик ахборот хизмати.

Фаттоҳ Шодиев (1953 йилда туғилган) — Ўзбекистонда туғилган, айни пайтда Бельгия фуқароси ҳисобланади. Москва давлат халқаро алоқалар институти (МДХАИ) битирувчиси. Қозоғистон бош вазирининг махсус маслаҳатчиси (1995−1997 йиллар), Собиқ иттифоқнинг Япониядаги савдо ваколатхонаси маслаҳатчиси (1976−1979), СССР Савдо вазирлигида совет-япон иқтисодий муносабатлари бўйича етакчи мутахассис (1979−1989) лавозимларида фаолият кўрсатган.

Россия ТИВ ҳузуридаги МДХАИ васийлик кенгаши аъзоси, МДХАИни ривожлантириш фонди асосчиларидан бири, ENRC (Eurasian Natural Resources Corporation) компаниясига шерикчилик асосида эгалик қилади, IMR (International Mineral Resources) тоғ-ком инвестицион компанияси акционери, Евроосиё банки (Қозоғистон) директорлар кенгаши аъзоси.

Фаттоҳ Шодиев 1996 йилда ўз номи билан фонд ташкил этган. Бош идораси Лихтенштейнда жойлашган. Фонд илм-фан, таълим, тиббий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги хайрия лойиҳаларига кўмаклашиш билан шуғулланади.

Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса болалар уйларига гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатишни асосий йўналиш қилиб белгилаган. Кейт Элизабет Магуайр ваколатхона раҳбари этиб тайинланди.