Ўзбекистон нотариал идоралари фаолиятида йиғилиб қолган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш механизмлари Адлия вазирлигида нотариуслар ҳамжамияти билан учрашувда муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, иштирокчилар билан нотариал идоралардан навбатларнинг кўпайиб кетиши, нотариуслар ва идора ходимларининг фуқаролар билан муомала маданиятининг пастлиги, давлат божларини ҳисоблашда ягона амалиётнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилиниши каби муаммоларнинг юзага келиш сабаблари таҳлил қилинди.
Мамлакатдаги нотарусларнинг 21 фоизи, амалга оширилаётган барча нотариал ҳаракатларнинг учдан бир қисми Тошкент улушига тўғри келиши инобатга олиниб, пойтахтдаги нотариал идоралар фаолияти шаҳар Адлия бошқармасидан бевосита Адлия вазирлиги бошқаруви остига ўтказилди.
Нотариуслар ва нотариал идоралар фаолияти устидан доимий жамоатчилик мониторингини амалга ошириш учун Тошкент нотариал идоралари 11 та секторга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Аҳоли мурожаатлари, таклифлари ва шикоятлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, Facebook ижтимоий тармоғида «Адлия билан мулоқот» очиқ гуруҳи ташкил қилинди.
«Энг яхши илғор тажриба» лойиҳаси доирасида пойтахт нотариал идораларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва ягона нотариал амалиётни жорий этиш белгиланди.
Соҳага чуқур билимлар, юксак маънавият ва маданиятга эга кадрларни жалб қилиш мақсадида янги тартиб ва янгича талабларга асосланган ҳолда нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов қоидалари жорий этилди. Танловлар интернетда тўғридан тўғри трансляция қилиш йўли билан кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда очиқ шаклда ўтказилади. Илк бор ана шундай танлов 4 сентябрь куни синовдан ўтказилди. Унда 25 нафар танлов иштирокчисининг фақатгина 4 нафари синовдан муваффақиятли ўтди.
Нотариус касби вакиллари Халқ ишончини оқлаш ва нотариал хизматларни кўрсатишдаги мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича мажбуриятларни қабул қилди. Ушбу мажбуриятларда нотариус вазифасини бажаришда ҳалоллик ва виждонлилик билан ишлаш, халққа содиқлик билан хизмат қилиш, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига риоя этиш, этика қоидаларига сўзсиз риоя қилиш ва нотариус қасамини бузмаслик кабилар акс эттирилган. Мазкур мажбуриятлар нотариал идораларнинг кириш қисмига илиб қўйилади.
Юқоридаги талаблар билан бир қаторда нотариусларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ортиқча ва кераксиз мажбуриятлардан, фаолияти доирасига кирмайдиган ишлардан озод қилиш чоралари ҳам белгилаб олинди.