Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида эълон қилинган ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари ҳақидаги хабарда гумондорлардан бирига «вилоятлик шахсларга ўхшаш» таърифи қўлланилгани юзасидан тушунтириш берди.

«Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан юртимиз фуқаролари бундай атама билан тоифаланмайди, бундай ҳолат хабарни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлиги туфайлигина келиб чиққан. Буни ҳеч қандай ғараз мақсад эмас, шунчаки тушунмовчилик сифатида қабул қилинишини сўрар эдик», — дейилади ИИББ хабарида.

«Ходимга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилди ва келгусида бундай хатога йўл қўйилмаслигини билдириб ўтамиз», — дея якунланади хабар.

Эслатиб ўтамиз, 25 август куни Тошкент ИИББ расмий сайтида қидирувдаги шахслар ҳақида хабар берилди. Унда Тошкент шаҳри аҳолиси ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан огоҳлантирилган ва бегона шахсларни хонадонга умуман қўймаслик, турли найранг, алдовларга ишонмаслик сўралган.

Хабарга кўра сув ичиб олиш, йирик купюрадаги пулларни майдасига алмаштириб олиш, ҳожатини чиқариб олиш ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб олиш баҳонасида уйларга кириб турли жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган, воқеа жойи яқинида жойлашган видеокузатув камерасига тушган шахслар суратлари келтирилган.