Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг қайта очилаётган 10-синфлари 18 миллион нусхадаги дарсликларни чоп этди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум қилди.

«Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб, фанларнинг долзарблигини кўриб чиққан ҳолда 10-синф ўқувчилари учун 12 та фан бўйича 18 та ўқув дарслигини жорий этишга қарор қилдик», — деди вазир. 10-синфлар учун дастурлар халқаро стандартлар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган, дея қўшимча қилди у.

ХТВ умумтаълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев 10-синфларни ўқитувчилар билан таъминлаш масаласи тўлиқ ҳал этилганини (уларга бўлган эҳтиёж 22 минг нафар атрофида баҳоланди) маълум қилди. «Жорий йилда 9500 нафардан зиёд талаба педагогика йўналишидаги ОТМларни тамомлади. Яна 13,5 минг ўқитувчилар эса аввал лицей ва коллежларда фаолият кўрсатганлардир», — деди у.

Халқ таълими вазири 10-синфларнинг жорий этилиши қатор муаммолар, масалан ўқув хоналарининг етишмаслиги масаласини ҳал этишни тақозо қилишини ҳам тан олди. Унинг таъкидлашича, ушбу масалани ҳал этиш учун сменали ўқишга ўтилади, шунингдек мактабларда қўшимча бинолар қурилади.

10-синф ўқувчиларини касбга тайёрлаш масаласида ҳафтасида бир маротабадан касбий кўникмаларни ўқитиш йўлга қўйилади.