12 август куни Чорвоқ сув омбори (Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани) ҳудудида янги иссиқлик аэростати синов режимида ҳавога кўтарилди.

«Газета.uz» мухбири ҳаво шарининг муваффақиятли парвозига гувоҳ бўлди. Бироқ кучли шамол туфайли у ҳавода узоқ муддат қола олмади. Аэронавтика федерацияси раиси Тоҳир Солиевнинг таъкидлашича, бу парвоздан олдинги тайёргарлик бўлиб, уни ишга тушириш ва назорат технологиясини ўзлаштиришга қаратилган.

«Ҳаммаси меъёрида кечди, барча хавфсизлик қоидалари ва техникаларига риоя қилинди. Бу синов парвози эди, бироқ барча ишлар бошлаб юборилган. Бу янги давр рамзига айланади», — деди у.

ICTEXPO 2017 кўргазмасидан кейин парвоз ускунаси нафақат тижорий мақсадларда, балки Ўзбекистонда ҳавода сузишни ривожлантириш учун ҳам қўлланилади.

Ҳаво шари беш қаватли уй баландлигида бўлиб, саватига тўрт нафар йўловчи ва учувчи сиғади. Ёнилғи мажмуаси таркибидан кун давомида парвоз қилиш учун етарли 4 та газ баллонидан (ҳар бири 80 л пропан сиғимига эга) иборат.

Биринчи расмий парвоз 23 август куни пойтахтнинг Учтепа туманида бўлиб ўтади. Ҳаво шари 19 сентябрда ICTEXPO 2017 кўргазмаси очилиши куни «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуаси павильони узра ҳавога кўтарилади.

Қайд этиш жоизки, анъанавий ICTEXPO Ахборот технологиялари миллий кўргазмаси иштирокчилари 5-рақамли янги чодир павильонида 10−40 км м. майдонга эга қўшимча стендларга онлайн буюртма беришлари мумкин. Ташкилий қўмитанинг сўнгги маълумотларига кўра, 14 августда павильонда 170 кв. м. бўш майдон қолган.