Ўзбекистон ҳарбий муҳандислари Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида бўлиб ўтаётган Халқаро армия ўйинлари доирасида «Хавфсиз маршрут» танловида учинчи ўринни қўлга киритди. Унда 28 давлатдан ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Россиянинг Тюмен вилоятида жойлашган полигонда Ўзбекистон ҳарбий муҳандислари номидан катта лейтенант, лейтенант, сержант, кичик сержант ва аскарлардан иборат жамоа танловда қатнашди. 10 август куни танлов совриндорлари Тошкентдаги аэропортда тантанали равишда кутиб олинди.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари танкага қарши миналарни қидириш ва йўқ қилиш ҳамда бронотехникалар ўтиши учун хавфсиз йўлак очиш бўйича беллашди. Ҳарбий мусобақа шарт-шароитлари жанг ҳолатига максимал яқин бўлиши учун 6000 метрга яқин беллашув йўлагига 250 дан зиёд имитацион, сигнал ва портловчи-ёнувчи зарядлардан иборат электропортловчи тармоқ ётқизиб чиқилди. Мусобақа Су-24 фронт бомбардимончиси ва Ми-8 транспорт-жангари вертолётларининг шартли авиазарбалари шароитида бошланди.

Муҳандис-сапёрлар бўлинмаси майдонга ўрнатилган ўқув ўқ-дориларни аниқлаши ва йўқ қилиши керак бўлди. Шундан сўнг жамоалардан 20 метр узунликдаги оғир механизациялашган кўприкни ўрнатиш ва у орқали муҳандислик тўсиқ машиналари билан ўтишларни ташкил этиш талаб қилинди.

Фото