Шавкат Тўлаганов Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчисининг ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш ишлари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Давлат раҳбарининг 7 августдаги фармонида айтилишича, унга кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Ушбу тайинловга қадар Шавкат Тўлаганов (1964 йилда туғилган, Тошкент политехника институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиси) 2008 йилдан буён ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган (вазирлик қайта ташкил этилишига қадар — ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири ўринбосари).

2005—2008 йилларда иқтисодиёт вазирининг Иқтисод ва инвестиция дастурларини модернизациялаш масалалари бўйича ўринбосари, 1995—2005 йилларда «Ўзавтосаноат» АК бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, бошқарув раиси ўринбосари лавозимларини эгаллаган.