Ҳиндистондаги йирик ОТМлардан бири — Жамия Миллия Исламия университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси очилди, деб хабар қилди «Жаҳон» АА.

Хона халқ амалий санъати намуналари, Ўзбекистоннинг кўп асрлик маънавий-маданий бойликлари ва мамлакатнинг замонавий қиёфасини акс эттирган фотосуратлар билан безатилган.

Университет талабаларига Ўзбекистон тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини яқиндан ўрганиш имконини берувчи ўзбек тилидаги китоблар, рисолалар, журналлар ва бошқа материаллар тақдим этилган.

Университетнинг ўзбек тили ўқитувчиси, профессор Шаҳид Таслимнинг таъкидлашича, мазкур таълим муассасаси Ҳиндистондаги ўзбек тили ўқитиладиган ягона олийгоҳдир. Унинг маълумот беришича, бу йил ўзбек тили курсларида ўқиш учун 30га яқин талаба рўйхатдан ўтган.