Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони билан боғлиқ саволларга изоҳ берди.

Абитуриентлар ва ОТМ вакилларининг ўзлари ҳам тест саволларининг мураккаблиги ва чалкаш эканини танқид қилмоқда. Яқиндагина «Ўзбекистон» каналида намойиш этилган кўрсатувда адабиётшунос олим, профессор Омонулла Мадаев айрим саволларни «фарзанди йўқ одамлар» тузаётганини киноя қилиб айтиб ўтганди.

Ином Мажидов амалдаги тизимнинг такомиллашмаганини тан олди, бироқ муаммолар улар аниқланиши билан бартараф этилишини маълум қилди.

«Ҳақиқатдан ҳам, тест саволларини такомиллашган деб бўлмайди. Бироқ улар узоқ йиллар давомида алмаштирилмайди, дейиш ҳам нотўғри. Биринчидан, саволлар базаси ҳар йили кенгайтирилмоқда. Иккинчидан, саволларнинг ўзлари ҳам яхшиланмоқда. Ушбу жараёнда иштирок этувчи ўқитувчиэкспертлар ОТМгача ўқув дастурлари доирасига кирмайдиган саволлардан база ташкил этади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, бир неча йил муқаддам барча фанлар бўйича «чалкаш» тест саволлари таҳлили ўтказилган. «Тест тузувчилардан ташқари, масала бошқа мутахассис ва экспертлардан таркиб топган комиссия томонидан ҳам ўрганилди. Айрим саволларнинг изоҳга муҳтож экани ҳақиқат, бироқ бу жуда кам қисмни ташкил этади. Улар янгиланган ва ўзгартирилган», — дея маълум қилди олий таълим вазири.