Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан қутловлар, табрикнома ва мактублар йўллаган давлат ва ҳукумат бошлиқларига, хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, халқаро ташкилотлар раҳбарларига, мамлакатдаги маҳаллалар ва меҳнат жамоаларига, барча ватандошларга самимий миннатдорлигини изҳор этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбари ўз шаънига билдирилган эзгу табрик ва тилакларни, авваламбор, Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, мамлакатнинг бугунги ва эртанги кунига бўлган ишонч ифодаси сифатида қабул қилишини таъкидлаб ўтди.

«Фурсатдан фойдаланиб, меҳнатсевар, бағрикенг ва олижаноб халқимизга яна бир бор чин қалбимдан фарзандлик меҳримни билдираман», — деди Президент.

У кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бахту саодати ва фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилиш учун бундан буён ҳам бор куч ва ғайрати, билим ва тажрибасини сафарбар этишини маълум қилди.