Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«1 сентябрь — Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади», — дейилади ҳужжатда.

«Буюк ва бебаҳо неъмат — мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда», — дея қайд этилади ҳужжат матнида.

Республика комиссиясига «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Мазкур дастур 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиши зарур.

Ёзда мамлакат мустақиллиги тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика танловининг якуний босқичини ўтказиш режалаштирилган. Августнинг биринчи ярмида ёш ижрочилар ўртасида Ўзбекистон Президентининг ёш истеъдодлар учун «Ниҳол» мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастури, шунингдек, «Энг улуғ, энг азиз», «Сени куйлаймиз, замондош!», «Ранглар жилосида — она диёр», «Ватан учун яшайлик!» каби анъанавий кўрик-танловлари ўтказилади.

Барча ҳудудларда мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилади.

Байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.