«Пахтакор» ФК Шота Арвеладзе жамоа бош мураббийи этиб тайинлангани тўғрисида эълон қилди. Бу ҳақда клубдан «Газета.uz"га хабар қилинди.

Шота Арвеладзе — ўз вақтида Грузиянинг «Динамо», Туркиянинг «Трабзонспор», Голландиянинг «Аякс» ва А3, Шотландиянинг «Рейнжерс» ва Испаниянинг «Леванте» жамоаларида тўп сурган таниқли футболчи. 26 та гол билан Грузия термаси тарихида энг яхши тўпурар бўлган.

Профессионал фаолиятини якунлаганидан сўнг А3 клубида (Голландия) мураббий Луи ван Гал ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 44 ёшли мутахассис 2010—2012 йилларда Туркиянинг «Кайсериспор» бош мураббийи бўлди, 2012 йилдан 2015 йилгача «Касимпаша» клубини бошқарди. 2016 йил июнида Исроилнинг «Маккаби» клуби мураббийи бўлиб, 5 январда жамоани тарк этди.

Бундан ташқари, «Пахтакор» 30 ёшли черногориялик ҳимоячи Марко Симич билан ҳам шартнома имзолади.

Бош мураббий тайинлангани ва янги ўйинчи билан шартнома имзоланганига бағишланган очиқ маросим 23 июнь куни 18:00 да «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.