15−18 июнь кунлари Тайчжунда (Хитой Тайбэй) бўлиб ўтган юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон термаси 15 медални қўлга киритди, деб хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳасан Раҳимов.

Эркин курашчилардан Жаҳонгирмирзо Туробов (55 кг гача) ва Ҳасан Раҳимов (120 кг гача) мусобақа чемпиони бўлди. Иса Шапиев (74 кг гача) кумуш медалини қўлга киритди. Рустамбек Жўраев (50 кг гача), Аббос Раҳмонов (60 кг гача), Жавраил Шапиев (84 кг гача) ва Ибрагим Илҳомжонов (96 кг гача) бронза медалига сазовор бўлди. Умумий ҳисобда эркин кураш бўйича миллий жамоа иккинчи ўринни эгаллади. Етакчиликни Эрон қўлга киритган бўлса, Қозоғистон спортчилари учинчи ўринни эгаллади.

Темурмирза Мамажонов.

Темурмирза Мамажонов (96 кг гача) юнон-рим услубида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, Жалгасбай Бердимуратов (74 кг гача) кумуш медали соҳиби бўлди, Жасурбек Артикбаев (50 кг гача) ва Маҳмуд Бахшиллоев (66 кг гача) эса бронза медалини қўлга киритди. Натижада «мумтозлар» Эрон, Қозоғистон ва Ҳиндистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллади.

Аёллар курашида Бахтигул Балтаниязова ўсмирлар ўртасида Осиё биринчилиги вице-чемпиони бўлди. Актенге Кеунимжаева (48 кг гача), Нодира Собирова (51 кг гача) ва Хадича Нажимова (59 кг гача)бронза медалига эга бўлди.