П. Ф. Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи фаолияти ўрганиш натижалари ушбу муассасада ўқув тарбиявий жараённи ташкил этишда жиддий муаммолар борлигини кўрсатди, дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида. Таълим муассасаси ўқувчиларидан бирининг ўлимига олиб келган ҳодисадан сўнг машҳур бўлди.

Коллежда 2000 реал ўқувчи ўрни мавжуд бўлса-да, бугунги кунда 3094 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Коллежда ўқувчилар сони унинг қувватига нисбатан 1.5 баробар кўплиги, гуруҳларда ўқувчилар сони ўртача 36−38 нафарни ташкил этиши, ўқув хоналари етишмаслиги дарслар 2 сменада ташкил этилишига сабаб бўлган. Бу эса ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида тўгарак машғулотларига жалб этилишини чеклаб қўйган, яъни қўшимча машғулотларни ўтказиш учун бўш аудиторияларга жуда катта эҳтиёж сезилган.

Ўқувчилар сонининг кўплиги жисмоний тарбия дарсларини спорт залларида ташкил этишда ўқувчиларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Яъни, айрим гуруҳларга жисмоний тарбия дарсларини ўтиш имкони бўлмаган.

«Коллежнинг фаоллар зали ҳам йўқ. Бу ҳолат ўқувчилар ўртасида маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни ташкил этиш, ота-оналар йиғилишларини ўтказиш имконини бермайди. Устига-устак, уч минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган ушбу коллежнинг Ахборот ресурс маркази ўқув зали бор йўғи 34 ўқувчига мўлжалланган, холос», — дейилади хабарда.

«Дарсларнинг 2 сменада ташкил этилганлиги, ўқув хоналарининг барчаси бандлиги, таълим муассасасида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган», — дея қайд этди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Юқоридагиларни инобатга олиб, тиббиёт коллежига 2017−2018 ўқув йили учун қабул тўхтатилиши юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Мазкур таклифлар таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилди. Мазкур ваколатли органлар томонидан мазкур таълим муассасасининг келгуси фаолияти билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2015−2016 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежларини 8274 нафар ўқувчи битирган бўлса,уларнинг бор-йўғи 33 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланган.

Шу сабабли, ўтган йили Ўзбекистон бўйича тиббиёт коллежларига 35 минг нафардан зиёд ўқувчи қабул қилинган бўлса, жорий йилда қабул квотаси 7 мингга қисқартирилиб, 28 минг нафарга яқин ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.