15 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекиндаги бош қароргоҳида ташкилотга янги аъзо бўлган икки давлат — Ҳиндистон ва Покистоннинг давлат байроқлари кўтарилди, деб хабар қилди ШҲТ Котибияти матбуот хизмати.

Маросимда ШҲТ бош котиби Рашид Алимов, Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Кун Сюанью ҳамда аъзо давлатлар, ШҲТ кузатувчилари ва мулоқот бўйича шериклари элчилари иштирок этди.

ШҲТ бош котиби: «16 йил муқаддам айни шу куни икки минг йиллик чорраҳасида жаҳон сиёсий харитасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти пайдо бўлган эди. Яқин қўшничилик ва ягона ривожланиш мақсади, Хартиядан ўрин олган давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг шу оддий ва аниқ тамойиллари янги турдаги ташкилотнинг фундаментал асоси бўлди ва ШҲТни халқаро ҳаётнинг реал омилига айлантирди», дея таъкидлади.

Худди шу куни Тошкентдаги ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТ) Ижроия қўмитаси биноси олдида Ҳиндистон ва Покистон давлат байроқлари кўтарилди.

ШҲТ МАТ Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев икки мамлакат ваколатли органларининг тузилмада иштирок этиши ШҲТнинг аксилтеррор салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтиришига ишонч билдирди.

ШҲТ аксилтеррор тузилмасининг кенгайиши минтақавий ва глобал хавфсизликнинг долзарб масалаларини ҳал этиш учун янги имкониятларни тақдим этиб, халқаро терроризмга қарши кураш бўйича кучларни бирлаштиришга қўшимча туртки беради, дея қўшимча қилди у.