Ўзбекистон Президентининг тавсияси билан Олий Мажлис Сенати 6 июнь куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Мамаризо Нурмуратовни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви раиси этиб тайинлади.

МБ матбуот хизмати маълумотларига кўра, Мамаризо Нурмуратов (1960 йилда туғилган) — Тошкент халқ хўжалиги институти ва Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган.

1982−1985 йилларда Тошкент Халқ хўжалиги институтида ўқитувчилик қилган. 1985−1988 йилларда Москва Молия институти аспирантурасида таҳсил олган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

1989−1993 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти ва Молия институтларида доцент бўлиб ишлаган.

1993 йилдан бошлаб Марказий банк тизимида фаолият кўрсата бошлаган: Марказий банкда Илмий тадқиқотлар маркази бошлиғи, Бошқарув раисининг ўринбосари, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2000−2004 йилларда Ўзбекистон молия вазири лавозимида фаолият юритган. 2004−2006 йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган. 2006−2017 йилларда Ўзбекистон Марказий банки раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.