Рустам Азимов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимидан озод қилинди, деб хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Вазирлар Маҳкамасида у Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Таҳририятда мавжуд маълумотларга кўра, Рустам Азимов «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясига раҳбарлик қилади.

2005 йилдан молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Жамшид Қўчқоров бош вазирнинг янги ўринбосари бўлди.

Рустам Азимов (1958 йилда туғилган) кўп йиллар давомида бош вазирнинг биринчи ўринбосари — молия вазири лавозимида фаолият кўрсатган. Ўтган йилнинг декабрида у молия вазири лавозимидан озод этилиб, бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди.

Жамшид Қўчқоров (1964 йилда туғилган) молия вазири ўринбосарлигига тайинлангунга қадар Марказий банк раиси ўринбосари (1996−1997) ва молия вазири ўринбосари — Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи (1997−2005) лавозимларида фаолият кўрсатган.