15 май куни пойтахтда «Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» Халқаро илмий анжумани иш бошлади. Илмий форумнинг иккинчи куни Самарқандда бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида яратилган ва дунё музейларида сақланаётган ноёб моддий ва бадиий объектларга бағишланган маърузалар тингланди.

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» медиа-лойиҳаси конгресснинг асосий ҳодисаси сифатида эътироф этилди.

Тадбирда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумида ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинган биринчи беш китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Улар Давлат Шарқ музейи (Москва), Россия этнография музейи (Санкт-Петербург), Давлат Третьяков галереяси (Москва)даги ўзбек коллекциялари, жаҳон тўпламларидаги (Австралия, Канада, АҚШ ва бошқа) Ўзбекистон гилам ва кашталари, Россия миллий кутубхонасидаги (Санкт-Петербург) Алишер Навоий қўлёзмаларига бағишланган.

Бундан ташқари, Шарқ қўлёзмалари институти (Санкт-Петербург), Давлат Эрмитажи (Санкт-Петербург), Давлат тарих музейи (Москва)даги коллекциялар, жаҳон тўпламларидаги Ўзбекистон мусиқий мероси ва Ўзбекистон гиламчилиги тўғрисидаги бешта синов альбоми намойиш этилди.

Конгресс дунёнинг 40 мамлакатидан 140 нафардан зиёд олимлар, экспертлар, дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 50 нафардан ортиқ миллий илм-фан вакилларини ўзида жамлади.