Пекинда 14 май куни «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми иш бошлади. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда, деб хабар қилди ЎзА.

Асосий ташаббускори Хитой бўлган ушбу лойиҳа икки ва кўп томонлама алоқалар механизмларини янада мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделларини шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади.

Бу лойиҳада Ўзбекистоннинг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз давлатлараро савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда катта ўрин тутган.

Буюк ипак йўли бўйлаб ривожланиш тенденцияларини давом эттириш, иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий тараққиёти, турли цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш мазкур форумнинг асосий мақсадидир.

Форумда 30 га яқин мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 130 га яқин мамлакат вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманда БМТ Бош котиби, Жаҳон банки президенти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Форумни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин очди. Хитой раҳбари форумда иштирок этаётган барча давлат раҳбарларига миннатдорлик билдириб, мазкур лойиҳанинг аҳамияти, мақсад ва вазифалар ҳақида сўзлади.

«Ўн минглаб чақирим масофага чўзилган қадимги Ипак йўли минг йиллар давомида Ипак йўли рухини шакллантирган, — деди у. — Тинчлик ва ҳамкорлик, очиқлик ва инклюзивлик, бир-бирига таъсир кўрсатиш ва ўзаро манфаатдорлик —Ипак йўли рухининг асосини ташкил этади».