Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ТИМИ) Шириншоҳ Шотемур номидаги Тожикистон аграр унирверситети ҳамда Тожикистон гидротехника ва мелиорация илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади, деб хабар қилди Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази «Газета.uz"га.

Келишувлар 2−4 май кунлари Марказий Осиё ва Афғонистон олий таълим муассасалари сув хўжалиги ҳамда илмий-педагогик таркиби иштирокидаги алмашинув тури доирасида имзоланди. Бу минтақа мамлакатлари академик ҳамжамияти ўртасидаги биринчи алмашинув бўлиб, унда 6 давлатдан 40 нафардан зиёд вакил иштирок этди.

Лойиҳа доирасида Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатларидан 48 нафар магистрантни ўқитиш ва 60 та тадқиқотни амалга ошириш режалаштирилган.

Тур иштирокчилари ТИМИ, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги гидротехник иншоот, суғоришнинг тежамкор тизимларидан фойдаланаётган фермер хўжаликлари ва интенсив боғларга ташриф буюрди. Интеграциялашган сув манбаларини бошқариш учун кадрлар тайёрлашнинг ягона тизимини яратиш, магистрантлар учун илмий малака оширишлар ва илмий раҳбарлар умумий тизимини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилаётган «МОда Сув, таълим ва ҳамкорлик» Марказий Осиё Минтақавий экологик марказ лойиҳаси доирасида ташкил этилди.