Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Фармон «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш"га қаратилган.

Фармон билан Вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланмоқда. Унга кўра, Вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради. Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш Вакил фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Вакил Фармонда белгиланган ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади. Вакил Ўзбекистон Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Президентига ҳисобдор ҳисобланади. Бу қоида Вакилнинг ўз фаолиятини фақатгина Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширишида, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай шаклда бузилишига нисбатан адолат, қонун устуворлиги ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан холисона баҳо беришида, қонунбузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўришида, қонунбузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Фармон билан Вакилга ўз вазифаларини бажариши учун қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда. Жумладан, Вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан таклифлар киритиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Вакил давлат органлари ва бошқа муассасалар мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириши, уларга аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиши мумкинлиги кўзда тутилаяпти. Вакил тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиши, давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқ ва ваколатларнинг амалда рўёбга чиқарилиши соҳадаги қонунчилик талабларини тадбиркорлик субъектлари фикрлари, таклиф ва эҳтиёжларидан, мавжуд муаммолар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳар томонлама таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, доимий равишда такомиллаштириб боришга ҳамда қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш учун барча зарур чора-тадбирларни кўришга замин яратади. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, шу жумладан, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Фармонда Вакил девони фаолияти ташкил этилиши белгиланиб, унинг тузилмаси тасдиқланди. Вакил ва унинг девони фаолиятини самарали ташкил қилиш учун зарур ташкилий, молиявий ва моддий-техник масалаларни ҳал этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Унда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартибини белгилаш режалаштирилмоқда.