Президент Шавкат Мирзиёев 2 майдаги қарори билан Миллий телерадиокомпания тизимида куну тун фаолият олиб борадиган «O‘zbekiston 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканали ташкил этилишини тасдиқлади. Бу ҳақда «Газета.uz"га ҳукумат ва МТРКдаги ахборот манбалари маълум қилди.

Хорижда мухбирлик пунктлари бўладиган янги телеканални ташкил этишдан кўзланган мақсад аҳолига холис ва ишончли ахборотларни етказиш, республика ахборот муҳитини сифатли ахборот-таҳлилий маҳсулотлар билан тўйинтириш, мамлакатда ва хорижда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият, фан ва спорт соҳаларида рўй бераётган аҳамиятга молик ҳодисаларни тезкорлик билан ёритишни таминлашдан иборат экани хабар қилинди.

Қарорда қайд этилишича, мамлакатда ахборий кўрсатувлар таҳлили энг аввало аҳолида фаол фуқаролик позицияси ва амалга оширилаётган ислоҳотларга алоқадорлик туйғуларини шакллантиришда телерадиоканаллар ахборот хизматлари салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётганини кўрсатгани таъкидлаб ўтилган.

«O‘zbekiston 24» бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича янгиликлар журналистикасининг янги форматига асосланган ҳолда куну тун ахборий кўрсатувларни эфирга узатади.

«O‘zbekiston 24» фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда жойлардаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари, экспертлар ҳамжамияти ва академик доиралар вакилларининг аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш ҳам телеканал вазифалари сифатида санаб ўтилган.

Қарор билан «Diyor» телеканали («Madaniyat va ma’rifat» телеканали тузилмасида) ва «Toshkent» радиоканали («Toshkent» телерадиоканали) фаолияти тугатилди. Уларнинг частоталари ва озод қилинган штат бирликлари янги каналга берилади. «O‘zbekiston 24» каналининг чекланган штат бирлиги 251 нафар (шу жумладан 10 нафар бошқарувчи шахс) этиб белгиланди.

«O‘zbekiston 24» SD ва HD форматларида барча учун очиқ бўлган ижтимоий рақамли узатиш пакетига киритилди. Унинг HD форматдаги трансляцияси параллел равишда UzHD каналида эфирга узатилади.

Янги телерадиоканал яқин ойларда эфирга чиқиши лозим.