Ўзбекистон Президентининг 20 апрелдаги қарори билан 2017—2018 йилларда ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини бевосита улар хизматни ўтайдиган ҳудудда жойлашадиган хизмат уй-жойи билан таъминлаш дастури (PDF) тасдиқланди.

Яқин икки йилда профилактика инспекторлари республиканинг барча ҳудудларида 1327 та хизмат квартираси ва 3829 та хизмат уй-жойи билан таъминланади.

Маҳаллий ҳокимликларга профилактика инспекторларига бериш учун уларнинг тасарруфида бўладиган, иккиламчи бозорда давлат даромадига йўналтирилган уй-жойни сотиб олиш, шунингдек иккиламчи бозорда қабул қилиб олинадиган квартиралар эгаларига ер участкалари бериш йўли билан уй-жой фондини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Хизмат уй-жойларини 0,02 га ҳажмдаги ер участкаларида жойлаштириладиган, ҳовли иншоотларига эга бўлган бир қаватли, икки ва уч хонали намунавий лойиҳа асосида қуриш режалаштирилган.

«Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси буюртмачи, «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» — бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланди.

Инспекторлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан хизмат квартиралари билан таъминланади. Хизмат уй-жойлари қуриши учун давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратилади.