«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2017 йил биринчи чорагида йўловчи ва юк ташиш ҳажмини оширди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Январь-мартда МАК 5211 рейсни амалга ошириб, 563,1 минг йўловчини ташиди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 204 та рейс ёки 27,5 минг йўловчи кўп демакдир. Йўловчилар ўриндиқлари бандлиги 75,01, тижорий юклама 54,69 фоизни ташкил этди.

Юк ташиш ҳажми 24,3 фоизга ўсди. Жами 11,1 минг тонна юк, жумладан пулли қўл юклари ва почта ташилди. МАК юк самолётлари 274 (81 та кўп) рейсни амалга ошириб, 6900 тонна юк (33,5 фоиз кўп) ташиди. «Навоий» аэропорти орқали 8900 тонна юк ташилди (15 фоиз кўп).

Уч ой давомида МАК 75 та йўловчи, 27 та юк чартер рейсларини амалга оширди.

Жорий йилда Лахор (Покистон) ва Душанбега (Тожикистон) рейслар очилди. Malaysia Airlines, Asiana Airlines, Azerbaijan Airlines, Singapore Airlines, Turkish Airlines, «Украина халқаро авиалинияси» билан махсус шартномалар имзоланди. Германиянинг Deutsche Bahn темир йўл компанияси билан Rail&Fly шартномаси имзоланди.