Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги газ таъминоти объектларининг бир қисми газ тақсимлаш тармоқлари ва табиий газни сотиш тармоқларидан фойдаланиш учун хусусий операторлар ваколатли бошқарувига ўтказилади. Бу Президентнинг 20 апрелдаги қарорида белгиланган.

Синов лойиҳаси тариқасида пойтахтдаги «Бектемиртумангаз» (Бектемир тумани) туман эксплуатация хизмати объектларини хусусий операторга бериш режалаштирилмоқда. Қорақалпоғистонда «Кегейлитумангаз», Андижон вилоятида — «Шаҳрихонтумангаз», Бухорода — «Когонтумангаз», Жиззахда — «Зоминтумангаз», Қашқадарёда — «Қаршитумангаз», Навоийда — «Қизилтепатумангаз», Наманганда — «Намангантумангаз», Самарқандда — «Нарпайтумангаз», Сурхондарёда — «Жарқўргонтумангаз», Сирдарёда — «Янгиершаҳаргаз», Тошкентда — «Янгийўлтумангаз», Фарғонада — «Олтиариқтумангаз» ва Хоразмда — «Янгиариқтумангаз» филиали синов учун танлаб олинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, қарор газ таъминоти тизимида самарали бошқарув тизимини шакллантириш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш, унинг модернизацияси учун инвестицияларни жалб этиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда етказилган табиий газ учун ўз вақтида ҳисоб-китобларни амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Ваколатли бошқарув тизимини 1 июндан жорий этиш режалаштирилган. Хусусий операторлар танлов асосида саралаб олинади. Табиий газ улар томонидан тегишли лицензиясиз сотилади. Хусусий операторларга ажратиладиган комиссион мукофот пули сотилган табиий газ қийматининг 21 фоизидан ортмаслиги белгилаб қўйилди. Хусусий операторлар ходимлар сонидан қатъи назар ягона солиқ тўловини тўлайди.