Ўзбекистон Президентининг 13 апрелдаги қарори билан Маҳмуджон Болтабоев Фан ва технологиялар агентлиги бош директори вазифасига тайинланди.

Фан ва технологиялар агентлиги Президентнинг 17 февралдаги фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ўрнига ташкил этилган эди. У ушбу фармон асосида ташкил этилган Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси ишчи органи ҳисобланиб, илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастур ва лойиҳаларининг ягона буюртмасичи сифатида фаолият олиб боради.

Профессор Маҳмуджон Болтабоев бунга қадар Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори, Вазирлар Маҳкамасининг ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича Ахборот-таҳлил департаменти мудири, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимларида фаолият кўрсатган.