17−20 апрель кунлари Душанбеда (Тожикистон) Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари Миллий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилди «Ўзэкспомарказ» компанияси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Кўргазмада 160 дан зиёд компания 1500 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. «Пойтахт-90» савдо марказининг 2000 кв. м майдонни эгаллаган ҳудудида электротехника, кабель-ўтказувчи, фармацевтика, сантехника маҳсулотлар, тўқимачилик, чарм саноати товарлари, ўқув-лаборатория жиҳозлари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, чинни буюмлар, идиш-товоқлар, алкоголь ичимликлари ва парфюмерия маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

1000 кв. м майдондаги очиқ ҳудудда эса қишлоқ хўжалиги техникалари ва осма қурилмалар, енгил ва юк автомобиллари ҳамда йўловчи автобуслари тақдим этилган.

Ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум ва семинарларда ўзбек ва тожик томонидан 500 нафардан зиёд тадбиркорлик доиралари вакиллари иштирок этади.