Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидаги 11 та кемани қайта тиклаш ва уларга қизиқиш юқори бўлган сайёҳлар келувчи мамлакатлар номини бериш назарда тутилмоқда, деб хабар қилди Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати.

Кемалардан биринчисига «Германия», иккинчисига эса «Япония» номи берилади, дейди Мўйноқ тумани маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Гулбаҳар Тоқсанбаева. Қолган кемаларнинг номи эса мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

«Буйный».

Мўйноқ тумани ҳокими Худайберген Утениязовнинг таъкидлашича, кўпчиликнинг таклифига биноан Мўйноқ тумани марказидаги «Буйный» номли кема «Ўзбекистон» номи билан аталиши маъқул кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи сўнгида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мўйноқ туманини 2017−2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорини имзолаган эди. Унда асосий эътибор ҳудуднинг туристик салоҳиятини ривожлантириш дастурига қаратилган.