Тошкентда Юнусобод туманидаги Боғишамол ва Янги шаҳар кўчаларини боғловчи янги йўлда автомобиллар ҳаракатланишни бошлади. У 2015 йилда Кабель заводи орқали ётқизилган (Дўрмон йўли кўчасидан Боғишамол кўчасигача) йўлнинг давоми бўлди.

Шанба куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги йўл ҳамда ундаги Бўзсув орқали ўтувчи 423 метрлик кўприк билан танишди. Кўприк қурилиши ярим йил давом этди.

«Икки туман (Юнусобод ва Мирзо Улуғбек — таҳр.) аҳолисини янги қулайлик билан табриклайман», — деди давлат раҳбари. У бу каби лойиҳалар сони оширилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Кўприкнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 16 мингта машинани ташкил этади. Янги йўл ёқаси ва кўприкнинг ҳар икки томонида пиёдалар йўлаги мавжуд. Кўприк яқинида ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ҳам барпо этилди. Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фото