Тошкент ҳокимияти Шанхай (Хитой) мэрияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади, деб хабар қилди «Жаҳон» АА.

2017−2019 йилларда икки шаҳар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўзда тутган ҳужжат Ўзбекистон пойтахти ҳокимияти делегациясининг Шанхайга ташрифи жараёнида имзоланди.

Меморандум бизнес ва савдо-сотиқни ривожлантириш, таълим, маданият, туризм ва спорт каби соҳаларни қамраб олади. Муниципалитетлар шартнома бандларининг бажарилиши мониторингини амалга оширувчи ишчи гуруҳини тузди.

Хитойга сафар доирасида Ўзбекистон вакиллари Шанхайнинг урбанизация, қурилиш ва коммуникациялар бўйича комиссияси бош котиби Жин Чен билан учрашув ўтказиб, музокаралар чоғида архитектуравий иншоотлар қурилиши, коммунал соҳаларни ривожлантириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Shanghai Construction ва Shangtex компаниялари раҳбарлари билан музокараларда Тошкент ва унинг атрофида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хитой компанияларининг Ўзбекистон пойтахтидаги қатор объектлар қурилишида иштироки тўғрисидаги дастлабки келишувга эришилди.