Халқ банки бутун Ўзбекистон бўйича нақд пул шаклидаги пенсия ва нафақаларни тарқатиш бўйича ягона ваколатли банк бўлди. Марказий банк матбуот хизматининг хабар қилишича, бу Президентнинг 13 мартдаги «Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.

Июлга қадар Молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштирилувчи нақд пул шаклидаги пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсацион ва бошқа тўловлар босқичма-босқич «Ўзбекистон почтаси» компаниясидан олиниб, Халқ банки бўлинмаларига топширилади.

Ҳудудий ижро органларига Халқ банкини пенсионерлар маблағларни олишлари учун қулай маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа маъмурий биноларда пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида бериш бўйича махсус кассалар фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида бинолар билан таъминлаш вазифаси топширилди.

Мустақил равишда ўз пенсия ва нафақаларини олишга кела олмайдиган шахсларга пенсиялар Халқ банки томонидан уларнинг яшаш жойларига бевосита борган ҳолда тарқатилади.

Халқ банки кассир ва контроллерлар сонини ошириб, уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминлайди.

Нақд пулларни махсус кассаларга етказиб бериш учун Damas русумли инкассатор машиналари харид қилинади. Марказий банк билан ҳамкорликда Халқ банкида хусусий инкассация хизмати ташкил этилади.

Пенсия жамғармаси Халқ банки билан биргаликда аҳолига пенсия ва нафақаларни тўлаш ҳисобини юритиш ҳамда ушбу жараён устидан назорат ўрнатишни автоматлаштириш мақсадида қабул қилиб олувчига SMS-хабарнома жўнатиш жорий этилган онлайн режим ишга туширилади.