16 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Ўзбекистонга ташриф буюрган делегациясига бошчилик қилаётган ЕТТБ Президенти Сума Чакрабарти билан учрашди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва банк ўртасидаги тўлақонли, конструктив руҳдаги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қайта тиклаш нуқтаи назаридан муносабатларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қоидаларини ҳамда мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлар амалга оширишга йўналтирилган бошқа қарорларни ҳаётга татбиқ этишда ЕТТБ иштирокидан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди.