13−14 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон-Қирғизистон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Қирғизистон делегациясига ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Динара Камолова бошчилик қилди.

Учрашувда икки томон кун тартибининг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, 24 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув, сўнгра Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокидаги икки томон ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари, манфаатдор бизнес доиралар ўртасидаги алоқалар, давлатлараро чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш борасида давом этаётган музокаралар серқирра Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг янги динамикасини намоён этади.

Ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда алоқалани ривожлантириш, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги эътироф этилди.

Маслаҳатлашувлар доирасида консуллик масалалари ва ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳларнинг учрашувлари ҳам ўтказилди.