11 март куни Навоийда Амир Темур хотирасига бағишлаб ўтказилган H2H Fight қўл жанги бўйича профессионал лигаси доирасида халқаро мусобақанинг учинчи серияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Россия ва Молдова вакиллари ўртасида бешта беллашув ўтказилди. Якуний ҳисоб — 3:2 ўзбекистонликлар фойдасига.

68 кг гача вазн тоифасида уч карра мамлакат чемпиони Жамшид Бегматов Россия ва Европа чемпиони Ренат Буликинга қарши татамига чиқиб, 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради.

Икки карра Ўзбекистон чемпиони Жаҳонгир Жумаев 75 кг гача вазн тоифасида Россия ва жаҳон чемпиони Максим Ефременкони сўнгги раундда нокдаунга учратиб, ҳакамларнинг якдил овозига кўра ғолиб бўлди.

85 кг гача ярим оғир вазн тоифасида уч карра мамлакат чемпиони Бегзод Нурматов Молдова чемпиони Денис Томуз билан беллашиб, уч раунд якунига кўра ғалаба қозонди.

90 кг дан юқори вазн тоифасида икки марта Ўзбекистон чемпиони бўлган Илёс Раимов молдовалик Александр Ляхни нокаутга учратди.

80 кг гача ўрта вазнда беш карра Ўзбекистон, икки карра жаҳон чемпиони Одил Сирожиддинов беш карра Россия, икки карра Европа ва жаҳон чемпиони россиялик Нурмухамед Бесланеевга қарши татамига чиқди. Бироқ Россия вакили тўртинчи раундда нокаут билан ғалаба қозонди.