Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни General Electric компанияси (АҚШ) вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди, деб хабар берди ЎзА.

Учрашув чоғида Америка компанияси билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Булар электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалардан иборатдир. Мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон корхоналари General Electric билан энергетика комплекси, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

АҚШ компанияси вице-президентининг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.