Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев апрелда Россияга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда чоршанба куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 18- йиғилиши доирасида хабар қилинди.

Йиғилишда РФ делегациясига ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Козак бошчилик қилмоқда.

Йиғилишда қайд этилишича, стратегик ҳамкорлар ҳисобланган Ўзбекистон ва Россия ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратади.

Россия Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо шериги мақомини барқарор эгаллаб турибди. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 4,2 млрд долларни ташкил этди.

Ўзбекистонда Россия инвестицияси иштирокида ташкил этилган 961 та, жумладан, 810 та қўшма ва 151 та 100 фоиз Россия капитали ҳисобидан очилган корхона фаолият олиб бормоқда. Мамлакатда Россиянинг 64 та фирма ва компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Россия ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 569 та корхона ташкил этилган.