Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэммни қабул қилди, деб хабар берди ЎзА.

Давлат раҳбари ва палата раиси ўртасида кечган музокаралар жараёнида савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик, инновацион ва таълимий йўналишлардаги узоқ муддатли ва кенг миқёсли ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз борди.

Агросаноат мажмуаси, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда илғор тажрибалар, тўғридан-тўғри инвестициялар ва Америка ташкилотлари ва компаниялари эришган замонавий технологик ютуқларни жалб қилишга асосланган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги механизмларини яратиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда Америка иштирокидаги 164 та корхона фаолият олиб бормоқда, АҚШдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми эса 1 млрд доллардан ошди. 2016 йилда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 70 фоизга ортиб, 454 млн долларни ташкил этди.